Чиройли тарбия бериш ота-онанинг фарзанди олдидаги бурчларидандир. Бу ҳақни адо этиш ўз- ўзидан бўлмайди, инсондан катта масъулият, машаққат талаб қилади.
Бола тарбиясига энг биринчи навбатда ота-она жавоб беради. Улар болаларини зарур машғулотлар билан банд қилиши керак. Бола онги бўш турмайди. Уйдаги тарбия болани қониқтирмаса, кўчага интилади, ўзи билмаган ҳолда бошқа “дунё” комига кира бошлайди.
Бугун ким билан ўтириб гаплашсангиз, дарров фарзандига бузғунчи ғоялар таъсир этаётганидан шикоят қилади. Баъзи хонадонларда фарзандлар ахлоқи катта муаммога айланган.
Янги асрда ахборот тезлиги тараққиётга ижобий таъсир кўрсатяпти. Айни чоғда қатор муаммолар келтириб чиқаряпти. Интернет, уяли телефон орқали ёшларга қилинаётган ҳужумлардан сақланиш энг катта муаммога айланди. Эҳтиёт чоралари изланяпти, лекин бу ҳаракатларнинг кўпи фақат назарий. Уларни амалда қўллаш қийин.
Бугун кўпчилик такрорлайдиган иборалар:
“Фарзандим мени тушунмайди”; “Менга итоат этмайди”; “Насиҳатимга қулоқ солмайди”; “Кундузи ухлаб, тунда телевизор кўради”; “Ака-укалари билан жанжаллашади”; “Кўп ёлғон гапиради” ва ҳоказо.
Ўтган улуғларимиз бола хулқи бузилишига кўпинча ота-она сабаб бўлишини таъкидлашган.
Жумладан, асосий ички сабаблар:
– Оилани бошқаришда ота-онанинг аниқ мақсади йўқлиги;
– Аллоҳ таолодан ёрдам сўрамаслик;
– бола гўдаклик давриданоқ тарбия услубларини йўлга қўймаслик, бола тарбиялашни билмаслик;
– моддий таъминотни ҳаддан ошириб юбориш ёки умуман таъминламаслик;
– боланинг таълим олишдан мақсади йўқлиги ёки дарсларни ўзлаштиролмаслиги, мактабга ота- она мажбурлаши билан бориши;
– боланинг ота-онадан қониқмаслиги;
– мураббийдан қўрқиши;
– ота-онадан меҳр кўрмай, бошқалардан ширин сўзлар эшитиши;
– ота-она фарзанди олдида жанжаллашиши;
– ота-она фарзандларидан бирини мақташи, бошқасини эътиборсиз қолдириши;
– ишларни фақат чаққон болага юклаб, қолганларига бепарво бўлиш;
– ота узоқ вақт уйда бўлмаслиги;
– кичик хатони бўрттириш;
– уйдаги ҳолат билан талаб қилинаётган нарсанинг бир-бирига мос келмаслиги;
– боланинг хатосини тўғри тушунтирмаслик, бошқа болаларга солиштириш. Бу иш нотўғри. Чунки ҳар бир бола ўз табиатига эга.
Ташқи таъсирлар:
– муаллимнинг ўзи ўргатаётган фан мақсадини билмаслиги;
– ташқарида ҳам ўрнак бўладиган шахснинг йўқлиги;
– шаҳватни қўзғатувчи омиллар;
– алоқа воситалари ривожланиб кетиши сабаб ёмон дўстларнинг кўплиги;
– таълим-тарбия замон талабларига мос эмаслиги;
– ташқи кўриниши билан тенгдошларидан ажралиб туриши;
– ортиқча қўполлик, қаттиққўллик, ўринли-ўринсиз калтаклайвериш.
Бу иллатлар туфайли боланинг феъли бузилади, бети қотади.
Уйимиз, кўча-кўй, яшаб турган жамиятимиздаги муҳит, таълим-тарбия муассасалари – буларнинг барчаси тарбия омилларидир. Аммо ҳозир дунёнинг ҳар томонидан ёшларга махсус йўналтирилаётган мақсадли “тарбия услублари” ҳам борлигини унутмайлик. Зеро, яхши бола икки дунё саодатига восита бўлувчи садақаи жориямиз бўлади. Фарзанд тарбиясида шуни доим ёдда тутайлик.