Гўштнинг инсон организмига фойдаси беқиёс эканлиги илмий исботланган. Аммо парҳезшунослар ва олимлар ўртасида бу маҳсулотнинг фойда ҳамда зарари тўғрисидаги баҳслар анчадан буён давом этиб келади. Уларнинг бири гўшт инсон овқатланиш рационидаги энг муҳим маҳсулот деса, бошқа бирови ҳазми оғир бўлгани учун организм қийнайди, тез қаритади, дея қарши мулоҳаза билдиради. Бу олимларнинг ҳар бири ўз фикрини исботлашга уринади. Келинг, аввало, гўштнинг фойдаси ҳақидаги мулоҳазаларга тўхталамиз.
Биласизми, гўшт истеъмол қилмайдиган вегетарианларнинг кўпчилиги В2, Д дармондорилари етишмаслиги, бунинг натижасида асаб тизими касалликлари, суяк мўртлиги ва ҳатто жинсий заифликдан азият чекиши аниқланган. Чунки гўшт таркибидаги витаминлар, оқсил, аминокислоталар тана учун жуда муҳим. Демак, гўштнинг фойдаси ҳақида жуда кўп ёзиш мумкин. Шу ўринда, буғда пишган гўштнинг организмга ҳеч қандай зарари йўқ, деб бемалол айта оламиз. Бироқ уни доимий равишда турли зарарли қўшимчалар, бўёвчи моддалар, стабилизаторлар, консервантлар, холестерин ва бошқалар билан бирга истеъмол қилишнинг фойдасидан зиёни кўпроқ экан.
Бузоқ гўшти
Бузоқ гўшти парҳез гўштлар сирасига киради. Мол қанча ёш бўлса, унинг гўшти шунча юмшоқ ва озиқлилиги юқори бўлар экан. Бу гўштда холестерин камлигини ҳам айтиб ўтиш ўринлидир. Шу билан бирга унинг таркибида оз миқдорда желатин моддаси мавжуд ва у қон ивувчанлигини яхшилайди. Шу боис бузоқ гўшти кўпроқ юрак-қон томир хасталикларида тавсия этилади.
Бузоқ гўштининг яна бир хусусияти шуки, унинг таркибидаги экстрактив моддалар ошқозон шираси ажралишини фаоллаштиради
ва овқат ҳазмини яхшилайди. В, Е, А, С ва РР гуруҳига кирувчи витаминлар, турли минераллар, микроэлементлар сероб бўлгани учун, айниқса, бемор болалар овқати таркибига киритилади. Шунингдек, бузоқ гўштида магний, мис, натрий, рух, темир ва калий мавжуд. Бузоқ жигари темир моддасига кондир. Шундан камқонликда фойдаси катта.
Бузоқ гўштидаги аминокислоталар тез ҳазм бўлиши билан ажралиб туради. Уни овқат тайёрлаганда буғлаб ва қайнатиб пишириш лозим. Шунда фойдали моддалари тўлалигича сақланиб қолади. Бу гўшт сийдик-тош касалликлари ҳамда инфарктнинг олдини олиш мақсадида буюриладиган парҳез таомлар таркибига киритилади.
Бузоқ гўштининг зарари уни истеъмол қилиш меъёри ва бузоқнинг қандай боқилгани билан боғлиқ. Агар жонивор еган озуқа кимёвий ўғитлар ёрдамида етиштирилган бўлса, организмга фақат зиён келтириши мумкин.
Қўй гўшти
Кейинги вақтда қўй гўштини севиб истеъмол қилувчилар сони кўпайиб боряпти. Унинг фойдаси ва зарари нимадан иборат? Бу саволга мутахассислар шундай жавоб беради: тўғри, қўй гўшти ёғлилиги билан ажралиб туради. Бу гўшт магний, йод, калий, темир, В гуруҳ витаминларига бой. Бир сўз билан айтганда озғинларга — шифо, семизларга зиёндир.
Қўйнинг ички ёғлари шамоллаш касалликларига қарши курашда беқиёс шифо манбаи. Таркибида темир моддаси кўп, шунинг учун камқонликни даволаш ва қон таркибини яхшилашда беназир озуқадир. Унинг таркибидаги лецитин моддаси холестерин алмашинувини мувофиқлаштиришга ёрдам беради. Шунинг учун парҳез таомлар тайёрлашда кенг фойдаланилади.
Қўй гўшти зиёни бошқа гўштларники каби бўлиб, кўп истеъмол қилганда қон томирларда ёғли тиқинлар пайдо бўлишига, ортиқча вазн тўпланишига олиб келади. Шунингдек, қўй гўштини кекса кишилар, айниқса, артритдан қийналган беморлар кўп емаслиги керак. Чунки тадқиқотларда маълум бўлишича, қўй суягида артрит авж олишига туртки берадиган бактериялар мавжуд экан.
Юрак-қон томир касалликлари бор кишилар қўй гўштининг ёғсиз бўлагини истеъмол қилиши мумкин. Қўй гўштидан таом тайёрлаганда кўпроқ сабзавотлар қўшиш тавсия этилади. Улар овқат ҳазмини яхшилаб, гўштнинг зарарини камайтиради.
Ўрдак гўшти
Кўп мамлакатларда ўрдак гўшти товуқ гўшти каби мунтазам истеъмол қилинади. У инсон саломатлиги учун муҳим микроэлементларга бой. Бу моддалар одам мия фаолиятини яхшилаш, терини соғломлаштириш хусусиятига эга. Тадқиқотларда ўрдак гўштида мавжуд кислоталар онкологик касалликларда саратон ҳужайраларининг танага тарқалишига тўсқинлик қилиши маълум бўлган. Ундаги Д витамини мушаклар ва суякларни мустаҳкамлайди.
Манба: u24.uz/