Ходим магистратурага ўқишга кирди, унинг иш хажми (ставкаси) камайтириладими?

Primary tabs

САВОЛ.

Ассалому алайкум!  Бир  саволим бор эди. Мен бир давлат корхонасида бош мутахассис бўлиб ишлайман. Шу йили магистратурага ўқишга кирдим. Энди раҳбаримиз ва кадр ўқишга кирганимни сабаб қилиб, тўлиқ иш ставкамни ярим ставкага туширмоқчи. Бу қанчалик тўғри? Жавоб учун олдиндан рахмат!

 

ЖАВОБ.

Ҳозирги карантин чоралари даврида кўплаб, корхона ва ташкилотлар масофавий ёки уйдаги, ёхуд мослашувчан иш режимига ўтди, шу қатори таълим соҳаси ҳам. Агар корхонада меҳнат қилаётган ходим олий таълим муассасасига ўқишга кирса ва ўқишдан бўш вақтда ишни ҳам давом эттиришни истаса, иш берувчи  бу ходимга ишни таълим билан бирга қўшиб олиб бориши учун зарур шароитларни яратиб бериши шарт (МК 248-модда). 

 

Одатда, ходим олий таълим муассасаси (кейинги ўринларда – ОТМ деймиз)га ўқишга кирса, таълимнинг кундузги турида анъанавий тарзда ўқийди, яъни талаба ҳар куни маълум бир вақт давомида ўқиш билан банд бўлади ва ОТМга қатнаб таълим олади. 

 

Бу ҳолатда куннинг бир қисмида ходим ўқиш билан банд бўлади. Агар таълим вақти ходимнинг кунлик иш вақтига таъсир қилса, ходимга белгиланган иш вақти табиий равишда камаяди, бу тўғри. Лекин, бунда иш ҳажми 1 ставкадан айнан 0,5 ставкага туширилади деган қатъий ўлчов бўлмаслиги керак. Негаки, масалан, бакалавриат таълимида кунлик дарс соати кўпроқ, магистратура таълимида эса камроқ бўлиши мумкинку. Шу жиҳатидан ходимнинг иш хажмини 1 ставкадан реал хажмга, дейлик, 0,75 ставкага, ёки ундан ҳам кўпроғига ўзгартириб, ходимга кўпроқ имкон бериш мумкин.

 

Эътибор беринг, магистратура тизимида бугунги кунда талабалар масофавий таълим усулида ҳам ўқимоқдалар, тўғрими? Ўқишнинг бу турида ходим ҳар куни таълим муассасасига боришига ҳожат бўлмайди, хатто таълимни иш жойидан туриб, ишдан ташқари вақтда амалга ошириш ҳам мумкин. Бу ҳолатларда ходимнинг иш хажми (ставкаси)ни белгилашда масофадан ўтиладиган таълимнинг аниқ шартлари, кунлик дарс машғулотлари вақтига эътибор қаратиш керак.

 

▪️Айни мазкур вазиятда Меҳнат кодексининг 120-моддаси мазмунидан келиб чиқиб, ходимнинг иш вақти режимини мослашувчан иш усулига ўтказиш ва бунда хатто ходимнинг иш хажми (ставкаси)ни камайтирмаслик ҳам мумкин. 

 

Шу масалада яна бир мисол. Ходим дейлик, ишлаб чиқариш корхонасида ишлайди, унинг меҳнат фаолияти жамоавий эмас балки, индивидуал ҳусусиятга эга, иш вақти кунлик 7 соатдан иборат. Бу ходим ҳам ОТМга ўқишга кирди, ўқиш кундузги, аънанавий (яъни ОТМга бориб ўқиш керак бўлган) шаклда. Иш берувчи бу ходимнинг иш ҳажмини ва иш ҳақини камайтирмоқчи эмас. Демак, бунинг ечими ҳам мослашувчан иш усулидир. Яъни, ходимнинг кунлик иш вақти 7 соатлигича қолаверади, лекин унинг ўқишдан бўш бўлган вақтига мослаштирилади. Масалан, ОТМга ўқишга кирган ходимнинг ўқиш вақти кунинг биринчи ярмига (соат 8.30 дан 12.30 гача) тўғри келади, демак кунлик иш вақти кунинг иккинчи ярмига ва кечки вақтга мослаштирилади. 

 

Манба: @magistrlarofficial