Германия таълим тизими қандай?

Primary tabs

Германия Федератив Республикаси  таълим тизими деярли барча республикаларники билан бир хил. Мактабда таълим олиш бепул, бироқ ўқиш мажбурий. Бордию 1 кун сабабсиз дарс қолдирса, қонунчиликка кўра, 300 евродан 1 200 еврога жарима тўлар экан. Бавариянинг таълим тизими ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш учун Мюнхендаги Franz Mark гимназияси диншунослик фанидан дарс берадиган ўзбек ўқитувчиси Ҳабиба Ҳамдамовага юзландик...

— Бола бетоб бўлиб қолса, қандай йўл тутилади?

— Агар бола бетоб бўлиб қолган бўлса, дарс бошлангунга қадар қўнғироқ қилиб мактаб раҳбариятини хабардор қилиб қўйиш шарт. Йўқса, мактаб раҳбариятининг ўзи ота-онага қўнғироқ қилади. Боғлана олмаса, полицияга мурожаат қилади. Бола бетоблиги сабаб, 2 кундан ортиқ мактабга боролмаса шифокордан тиббий маълумотнома олиб бориши шарт. Йўқса, бу ҳолатда ҳам ота-онага моддий чора кўрилади. 

Германияда таълим тизими жуда яхши йўлга қўйилган. Масалан, 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларга боғча тизими жорий қилинган. Бироқ болани боғчага бериш мажбурий эмас. Боғча тарбияланувчилари 6 ёшга тўлганда ҳафтада 2 маротаба мактаб билан таништирув дарслари йўлга қўйилади. Яъни, 2 нафар тарбиячи 6 ёшдаги боғача тарбияланувчиларини ҳафтада 2 марта мактабга олиб боради. Бу эса болаларни мактабга мослашишига қулай имкониятдир. У ерда 3 соат дарс ўтилади, бунда ҳарф ўргатилади. Бир сўз билан айтганда, боғча ва мактаб ўзаро ҳамкорликда ишлайди. 

— Асли мактаблар неча турга бўлинади?

— Бошланғич мактаб – 1-4-синфларни ўз ичига олади. Бу мактабга болалар 6 ёшдан қабул қилинади. 4-синфда топширган имтихон натижаларининг ўртача кўрсатгичига қараб, ўқувчилар 3 хил мактабга йўналтирилади. Аниқроғи, Баварияда 5-синфдан бошлаб ўқиш учун, 3 хил мактаб жорий қилинган: 

1. Оддий ўрта мактаб - асосан қониқарли баҳо оладиган ўқувчилар таълим олади.

2. Реал мактаб - 4 баҳога ўқийдиган ўқувчиларни қабул қилади. Реал мактаб асосан ижтимоий-гуманитар йўналишга ихтисослаштирилган. 

3. Гимназия - аниқ ва қисман ижтимоий-гуманитар фанлар жамламасидан иборат мактаб. Англаганингдек, Гимназияда аъло баҳога ўқийдиган ўқувчилар таҳсил олади.

— Ёзги таътил ҳам фарқланса керак?

— Баварияда ёзги таътиллар кам, лекин ҳар бир ярим ойда 6-7 кундан 2 ҳафтагача таътил берилади. Мазкур таътиллар ўрганган билимлари ёдидан чиқиб қолмасин, деган мақсадда жорий қилинган. Ёзги таътил эса 45 кун атрофида бўлади.