Мактабгача таълим ташкилотида раҳбарнинг қариндоши педагог бўлиб ишлаши мумкинми?

Primary tabs

САВОЛ.

Саволим шуки, давлат мактабгача таълим ташкилотида раҳбарнинг қариндошларидан бири педагог ходим бўлиб ишласа, Мехнат кодексининг 79-моддаси бузилган бўладими?

 O'zbekiston bayrog'i

ЖАВОБ.

*Агар Меҳнат кодексининг 79-моддасига эътибор берсангиз, унда айтилганки:

“Ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларнинг (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғил ва қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари), башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бир давлат корхонасида бирга хизмат қилишлари тақиқланади” дейилган.

Яъни, бу ерда ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғил ва қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари ҳақида гап кетмоқда.

!Эътибор беринг, 79-модданинг иккинчи қисмига кўра, алоҳида истиснолар (яъни яқин қариндошлар биргаликда ишлаши мумкин бўлган ишлар) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланиши мумкинлиги белгиланган.

▪️Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат (акционерлик) корхоналарининг Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 79-моддасида назарда тутилган қариндош-уруғларнинг, агар уларнинг хизматлари улардан бирининг бошқасига бевосита бўйсуниши ёки назорати остида бўлиши билан боғлиқ бўлса, бирга хизмат қилишларини чеклаш қоидаларидан истисно этилиши мумкин бўлган ходимлари Рўйхати”га:

Барча ўқув ва тарбия муассасаларидаги педагог ходимлар, ўқитувчилар, библиографлар ва кутубхоначилар ҳам киритилган (6-банди).

Яъни, агар тушунаётган бўлсангиз, ўқув ва тарбия муассасидаги педагог лавозимида яқин қариндошларнинг ишлашига чеклов қўйилмаган.

Давлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳам қонунчиликка кўра таълим ва тарбия хизматларини кўрсатувчи ташкилот саналади (“Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддаси).