Фарзандларимиз қандай ўйинчоқларни ўйнаши керак?

Главные вкладки

7 сентябрь Жаҳон Ҳарбий ўйинчоқларни йўқ қилиш куни 
 
Болалигимизда ҳаммамиз «уруш-уруш» ўйнаганимиз. 
 
Ўзимизча ёғочдан қилич, автомат, тўппонча каби уруш қуролларини ясаб олганимиз, бор гап. Ўйинлар мавзусини кўпинча уруш киноларидан танлаб олардик. Ҳатто "Оқ бўрилар" фильмидан руҳланиб, "қизил танли"ларнинг "оқ танли"ларга қарши кураш олиб борган саҳналарини ҳам ўйнаганмиз.

 

 
Бундан албатта таёқдан қиличлар ясаганимиз, эсимда. Кейинчалик, замон анча ривожланиб кетди. Энди болалар учун ишлаб чиқарилаётган "уруш қуроллари" ҳақиқийсидан фарқланмайдиган даражага етди.
 
Одатга кўра, қиз болалар "хола-хола" каби тинчликсевар ўйинларни ўйнайди. Ўғил болалар эса "уруш-уруш", "полиция", "овчилик" каби ўйинларни ўйнашни яхши кўрадилар. Бу каби ўйинларни ота-оналар ҳам қўллаб-қувватлайдилар.Тўғри, ҳозир бу каби ўйинлар шаҳарларда кўпроқ компьютерга кўчганини тан олишимиз керак.
 
Бундан икки йил муқаддам (2018 йилда) Швеция болалар ўйинчоқларини сотувчилар Ассоциацияси ҳақиқий қуролларга ўхшаб кетадиган ўйинчоқларни сотишни тўхтатиш борасида чақириқ билан чиқди. Бунга қўлида ўйинчоқ автомат бўлган Даун ва аутизм синдроми бўлган ўсмирни полиция ходими янглишиб отиб қўйгани сабаб бўлди.
 
2017 йилда Швецияда полиция томонидан ишлатилган қурол оқибатида бир киши ҳалок бўлган бўлса, 2018 йилда етти киши ўлдирилди.
 
Ҳозир шундай замон келдики, ташқи кўриниши бўйича ўйинчоқ тўппончани ҳақиқийси билан фарқи қолмади. Шу сабабли Америкада ҳақиқий қуролни ўйинчоқ қуролдан фарқлаш мақсадида махсус кўргазмалар ўтказиб турилади.
 
Ўйинчоқ қурол деганда ҳақиқий қуролга ўхшаш болалар учун мўлжалланган қуроллар кўзда тутилади. Айрим ҳолларда ўйинчоқ қуролларнинг ўзи ҳам хавф туғдиради.
 
Ўйинчоқ қуроллар тўппонча, автомат, пулемёт, қилич, садоқ, ханжар, пичоқ, танк, самолёт кўринишида бўлади.
 
Психологларнинг фикрича, янги кўринишдаги замонавий ҳарбий ўйинчоқлар боланинг нафақат маънавий, балки жисмоний саломатлиги учун ҳам хавфли бўлар экан.
 
Биринчи навбатда болалар ўйинчоқларида ўқ ва патронлар бор. Бундан ташқари ўйинчоқларнинг оғирлиги зарба вақтида болага жисмонан жароҳат етказиши мумкин.
 
Мактабгача бўлган даврда болалар қурол ёрдамида бир-бирларига пўписа қиладилар, бу каби пўписалар иккинчи болага катта салбий таъсир ўтказиши мумкин. Болалар қўрқиб қолади. Шу сабабли психологлар болаларга ҳақиқий қуролга ўхшаш ўйинчоқлар ўйнашни тавсия қилмайди, бу каби ўйинчоқларни умуман ишлаб чиқарилиши тўхтатилиши лозимлигини тавсия қиладилар.
 
"Ҳарбий мавзудаги ўйинчоқлар иккинчи жаҳон урушидан кейин долзарб аҳамият касб эта бошлади, ўшанда болалар бу қуроллар билан ўйнар экан, ўзларини ватан ҳимоячиси сифатида кўра бошлади, энди эса ҳарбий қуроллар тажовузни шакллантиради” демоқда россиялик айрим педагоглар.
 
Аммо бу фикрга қаршилар ҳам бор, уларнинг фикрича, ҳарбий мавзуга бағишланган ўйинчоқлар болаларнинг жасур бўлиб вояга етишига хизмат қилар экан.
 
"Танк ва тўппончаларни асосан ўғил болалар ўйнайди. Бу ўйинлар орқали ватан ҳимоячиси бўлиш ҳиссиёти шаклланади. Бу ўз навбатида боланинг ватанга муҳаббат, ожизларни ҳимоя қилишга ундайди", дегувчилар ҳам бор.
 
Ҳарбий ўйинчоқларни бутунлай йўқ қилиб бўладими? Таҳлилчилар бир овоздан "йўқ" дея жавоб қайтарадилар. Агар бу каби ўйинчоқлар ишлаб чиқарилмайдиган бўлса, у ҳолда болаларнинг ўзлари автомат ва тўппончаларни ясаб олишади. Чунки ёш болаларда ўйин асосий фаолият ҳисобланади. 
 
Чунки турли ўйинлар орқали бола тез ривожланар экан. Болалар эса ҳақиқий эркаклар бажарадиган касб эгаси бўлишни истайдилар. Бу касб эгалари одатда қўлида қурол бўлган ҳарбийлар, полиция ходимлари ҳисобланади. Қўлига қурол олган бола ўзини мард, жасур санар экан.
 
Юқорида болалигимизда қайсидир фильм қаҳрамонларга ўхшаш ниятида "уруш-уруш" ўйналгани таъкидлаб ўтилди. Ҳозир ҳам болалар қандайдир фильм қаҳрамонига ўхшашни истайди. Бундан кўз юмиб бўлмайди. Аммо ҳозирги кўплаб фильмларда шавқатсизлик, босқинчилик, зўравонлик, тажовузкорлик каби салбий иллатлар кўзга ташланаётгани сир эмас. Болаларни айнан мана шу каби салбий қаҳрамонлардан ўрнак олишидан асрашимиз керак.
 
7 сентябрь Жаҳон Ҳарбий ўйинчоқларни йўқ қилиш куни. Бу дегани "фарзандларимиз қандай ўйинчоқларни ўйнаши керак?", деган саволни ўзимизга беришни англатади.
 
Бир нарса аниқ: болалар катталар барпо қилган оламда яшайди. Агар биз кинолар, мультфильмлар орқали тажовузкорлик оламини яратиб берсак, фарзандларимиз катта бўлганларида улардан нимани ҳам кутиш мумкин?
 
Халқимизда "экканингни ўрасан", деган гап борлигини ёддан чиқармасак бўлгани.
 
Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
 
(Сурат манбаси: MG Surprise Toys)