Усмон Шарифхўжаев 2022 йил мактаб битирувчилари ОТМга киришда қандай натижа кўрсатди?

Главные вкладки

Усмон Шарифхўжаев: 2022 йил мактаб битирувчилари ОТМга киришда қандай натижа кўрсатди?

 

Давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонида иштирок этган 1 миллион нафардан ортиқ абитуриентнинг салкам ярми ўтиш балини тўплай олмаганлиги ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг асосий муҳокама масаласига айланди. Кўпчилик умумий абитуриентларнинг натижалари орқали мактаб битирувчилари билимига баҳо беришга уринмоқда. 

 

Хўш, барча абитуриентларнинг кўрсатган натижаси айнан  жорий йилдаги мактаб битирувчиларининг натижаси билан мутаносибми? 

Абитуриентларнинг умумий натижасига қараб мактаб битирувчилари бўйича хулоса чиқариш қанчалик тўғри? 

 

Буни аниқлаш учун Халқ таълими вазирлиги ва 

Давлат тест маркази, бевосита 2022 йилдаги битирувчиларнинг натижаларини жами абитуриентларнинг, шунингдек ўтган йилдаги ҳолатларга нисбатан қиёсий таҳлил қилди.

 

Сўз аввалида, албатта мактабларда таълим сифатини ошириш кераклигини инкор қилмаган ҳолда, бу жараён ва энг асосийси ишларнинг натижаси бир кунда амалга ошмаслигини айтиб ўтиш жоиз деб ҳисоблайман. 

 

Ўртача балл

Жами абитуриентларнинг ўртача бали 65ни ташкил этган бўлса, айнан жорий йилда мактабни битирганларнинг кўрсаткичи эса, 76 баллни ташкил этган 

 

2020 йилда мактаб битирувчилари ўртача 70, 2021 йилда эса 74 баллни тўплай олган.

 

Яъни, 2 йил ичида мактаб битирувчиларининг ўртача натижалари 9 фоизга ёки 6 баллга юқорилаган.  

 

Юқори натижа кўрсатган абитуриентлар (142 баллдан ортиқ)

Жорий йилда 32 минг абитуриент юқори натижа қайд этган бўлса, шуларнинг 65 фоизи (салкам 20 минг нафари) айнан 2022 йилда мактабни битирган. 

 

Таққослаш учун, 2021 йилда юқори натижа кўрсатган 29 минг нафар абитуриентларнинг 53 фоизи (салкам 15 минг нафари) мактабни тест ўтказилган йилда битирган.

 

 Умуман олганда эса, 142 баллдан ортиқ  тўплай олган мактаб битирувчиларининг ҳам салмоғи ҳам сони йилдан-йилга ошмоқда – 2021 йилда 5 фоиз, 2022 йилда эса 7 фоиз.

 

Ўтиш балидан паст натижа кўрсатган абитуриентлар (56 баллдан паст)

Барчани эътиборини қаратган асосий кўрсаткич, яъни ўтиш баллини тўплай олмаган 514 624 нафар абитуриент ичида жорий йил мактаб битирувчилари салмоғига эътибор қаратсак. Улар ичида 108 минг нафар абитуриент жорий йил битирувчилари ҳисобланади, яъни ҳар беш нафардан бири.

 

Умуман олганда, охирги 2 йилда ўтиш баллини тўплай олмаган  мактаб битирувчилари салмоғи пасайганини кузатиш мумкин, яъни 2020 йилда жами мактаб битирувчисининг 43 фоизи ўтиш балидан паст натижа қайд этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 35 фоизни ташкил этди.

 

Хулоса ўрнида мактаб таълими сифатини ошириш бўйича амалга оширилиши керак бўлган ишларнинг кўлами кенг эканлиги ҳеч кимга сир эмас. 

Сўнгги йиллар давомида мактаб таълимига янги замонавий методикаларни олиб кириш, педагогларнинг билимини ошириш бўйича тизимли ишлар бошланган. 

 

Мазкур ишларда ва мактаб таълими сифатини оширишда барчани, жамоатчилик вакиллари, педагоглар ва айниқса ота-оналарни фаол бўлишга даъват қиламиз. 

 

Зеро сифатли таълим фақатгина педагогларнинг меҳнати билан чекланмай, мактабда берилган билимларни мустаҳкамлашда ҳамда фарзандини билим олишга  ундашда ота-оналарнинг ҳам ўрни муҳим.

 

Usmon Sharifxodjayev