Мақола қандай ёзилади?

Кўп саволлар тушади. Қизиқ-қизиқ саволлар.
“Мақола қандай ёзилади?”.
“Газетага қандай қилиб мақола чиқариш мумкин”га ўхшаш. “Аввал ёзинг, кейин чиқади”, дейман ҳазиллашиб.
Изланадиган ўқитувчига мақола ёзиш қийин эмас.
Кўп ўқийдиган педагогга мақола ёзиш қийинчилик туғдирмайди.
Ўз ишининг устаси бўлган ҳар қандай касб эгаси мақола ёза олади.
“Маърифат”да 20 йилдан буён ишлайман. Бу вақт давомида ўзим туғилиб ўсган тумандан кам, жуда-жуда кам ўқитувчи бизга мақола жўнатган. Бунга доим ҳайрон қолардим. Ҳозир ҳам ҳайронман. Нега? Яхши муаллимлар йўқми Нурободда? Унда нега туман битирувчиларнинг олий ўқув юртларига ўқишга кириши бўйича Давлат тест маркази эълон қилган рейтингда ўтган йили вилоятда Самарқанд шаҳри ва Нарпайдан сўнг 3-ўринни олди?
Демак, туманда яхши ўқитувчилар кўп. Аммо уларнинг ишини оммалаштириш, тажрибасини ёйиш ишлари яхши йўлга қўйилмаган.
Нуробод шаҳридаги 2-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Маҳбуба Жабборова яхшигина ижодкор ўқитувчи экан. Шу йил бошидан буён газетамизда 10 га яқин мақола ва таржималари чоп этилди. Бўларкану!
Нурободлик таълим мутасаддилари, ўқитувчиларига “Фаоллашинг, биродарлар! Ўзингизни, муаллимларни қайтадан кашф қилинг!” деб қоламан. Мақола қандай ёзилишига, газетада, айнан “Маърифат”да қандай қилиб чиқариш мумкинлиига қизиқадиганлар Маҳбуба Жабборовага мурожаат қилсин. Оддий осон тушунтиришига аминман.

Ҳусан Нишонов,
 “Маърифат” – “Учитель Узбекистана” газеталари бош муҳаррири

Izoh qoldiring

CAPTCHA
This question is for testing whether or not you are a human visitor and to prevent automated spam submissions.