Юқори синф ўқувчиларининг давомати ҳақида ким қайғуради?

Primary tabs

11 sinflar

Кейинги йилларда айрим касб – хунар коллежлари ва академик лицейларнинг фаолияти тўхтатилиб, ўрта таълим мактаблар ва ихтисослаштирилган мактабларнинг 9-синф битирувчилари яна ўзларининг таълим муассасаларида ўқишларини давом эттираяптилар.  Мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириши эса мактаб рейтингини республика миқёсида белгилаб бериши ҳақида халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўз фэйсбук саҳифасида маълум қилган эди. Шу сабабдан 2019-2020 ўқув йилида кўпгина мактаблар ўз битирувчилари орасида ОТМ га топшириб имтиҳондан муваффақиятли ўтишлари учун шароит яратиб беришга ҳаракат қилаяптилар. 

Сир эмас, кўпгина булғуси битирувчилар ДТМ томонидан ишлаб чиқилган фанлардан тест саволларининг ўта мураккаблиги учун билимларини янада ошириш мақсадида репетиторларга қатнамоқдалар. Мен ишлаётган ихтисослаштирилган мактабда ҳам деярли барча 11 – синф ўқувчилари бу йил ОТМ ларга топшириш учун қўлларидан келганча имтиҳонларга тайёрланиб “жавлон урмоқдалар”. 

Энди эса муаммонинг ўзига ўтсак. Мисолни ўзоққа бормасдан, ўзим ишлаётган мактабдан келтираман. Мактабимизда ўқиб келаётган баъзи битирувчи синф ўқувчилари бизнинг мактабда ўқувчилар давоматига қатъий назорат қилиб борилиши туфайли бошқа мактабларга ўтиб кетмоқдалар. Нимага дейсизми? Ахир айрим ўрта таълим мактабларининг “ҳожатбарор”директорлари бизнинг ўқувчиларга қучоқларини очиб, уларга репетиторга бориб тайёрланишлари учун ҳар қандай шароитни яратиб бераяптиларда. Уларни яратиб бераётган шароитлари бу мактабдаги мажбурий бўлган дарсларга қатнашмасдан, репетиторга бориш шароитидир. Мен бу гапларим билан, уларни қораламоқчи эмасман. Қайси мактабнинг битирувчи ўқувчилари ОТМ га кўпроқ кирса, ўша мактабнинг рейтинги баланд бўлади,балки шу сабабдан улар ўқувчиларга шундай имконият беришаётгандир. Лекин мени қийнаётган ва алам қилаётган ҳолат бу, дарахтдаги мевалар энди пишиб узилиши бўлган вақтда боғбон меҳнатидан хузур кўрмай, бошқалар хузур кўрса адолатданми? Нега биз мактабимизда юқори синфлар учун имтиҳонларга тайёрланишлари учун шароит яратиб, уларнинг давоматини яхши ушлаб туришга ҳаракат қилиб турган вақтда, айрим мактабларда уларнинг давоматига совуққонлик билан қаралаяпти?  ИДУМ ларда ўқиётган ўқувчилар ва ўрта таълим мактабларида ўқиётган ўқувчилар ўртасида қандай фарқ бор? Бирлари мактабга доим қатнаб, тайёрланиш қийинчиликларини бўйниларига олиб ОТМ имтиҳонларига тайёрланса-ю, иккинчиси эса мактаб дарсларини қолдириб вақтларини тўлиқ репетиторларга сарфласалар? Ундан ташқари, дарсни қолдириб юрган ўқувчи репетиторга бормай, бошқа ишлар билан шуғулланиб, унга бирор кор – хол бўлиб қолсачи? Бунга ким айбдор бўлади?

Юқоридаги саволларга жавоб топа олмай, қийналасан киши. Балки юқоридаги ҳолатлар ҳам давлатимиз халқ таълими тизимида бўшлиқлар бор эканлигига яна бир мисолдир? 

Яна бир ҳолат борки, ундан ҳеч кўз юмиб бўлмайди. Мактабларни қўйиб, сал юқорироққа ҳам назар ташласак. Мисол қилиб академик лицей битирувчи курс ўқувчиларининг аксарият қисми ҳам, дарс машғулотларига қатнашмай, Бухоро вилоятидаги ОТМ ларга тайёрлаш курсаларида юрганига нима дейиш мумкин? 

  Таклифлар! 

Халқ таълими вазирлиги юқоридаги масалаларни ўрганиб чиқиб, ҳам ИДУМ лар, ҳам ўрта таълим мактабларига юқори синфлар давомати бўйича бир хил назоратда бўлсалар.  

Юқори синф ўқувчиларини ота – оналар билан маслаҳатлашган ҳолда ўзлари қизиққан йўналишлари бўйича синфларга бўлиб, асосий фан ўқитувчилари ёрдамида дарс давомида тестлар билан ишласалар. 

Репетиторлар ёки ўқув марказларининг фаолиятини ҳам назорат олинса. Ўз уйида ўтириб репетиторлик қилаётган ўқитувчилар рўйхатдан ўтказилиб, уларга ҳам махсус лицензия жорий қилиниб, улар ҳам якка тадбиркор сифатида давлатга солиқ тўласалар. Уларнинг ишлаш тартиби ўқувчининг дарсдан ташқари вақтига ўтказилса. 

 

Мақолани тайёрлашда Умид ИДУМИ ўқитувчиси Бобожонова Дилафрўзга алоҳида миннатдорчилик билдираман. 

Садиков Насим

www.sadikov.uz

@sadikov_uz

Comments

Ака, шу мақолангиз чиққанидан кейин вазирлик "вариатив режа" деган нарсани амалга киритдиёв. Ўзиям ўтган йил ноябрда ёзган экансиз =)

Ha endi o'zbekchilikda Nasim aka

Izoh qoldiring

CAPTCHA
This question is for testing whether or not you are a human visitor and to prevent automated spam submissions.