Ўқитувчиси энг яхши мактаб

Primary tabs

Ота-она ўғлига энг яхши ўқитувчи қидириб, охири топдилар. Эрталаб бобо набирасини мактабга олиб кетди. Улар ҳовлига киришганда, уларни болалар қуршаб олишди.

Бир болакай кула бошлади: "Бунча кулгили чол экан-а?"

- Ҳей, митти бақалоқ, - иккинчиси юзини буриштирди.

Болалар қийқириб бобо ва набирани айланиб чопишарди. Шу пайт қўнғироқ чалиниб болалар ўзларини мактаб ичкарисига урди. 

Бобо қатъият билан неварасини қўлидан тутиб кўчага чиқди.

"Ура, мен мактабга бормайман", – бола хурсанд бўлди.

- Борасан, лекин бу мактабга эмас, - деди бобо жаҳл билан. "Мен сенга ўзим энг яхши ўқитувчиси бор мактаб топаман."

Бобо набирасини уйига олиб борди, бувисига топшириб яна “яхши мактаб” қидириб кетди.

У бирор мактабни кўрганда, унинг ҳовлисига кириб, болаларнинг танаффусга чиқишини кутарди. Баъзи мактабларда болалар чолга эътибор беришмади, бошқаларида уни мазах қилишди.

Бобо индамай бурилиб, чиқиб кетарди.  Ниҳоят у кичик бир мактабнинг ҳовлисига чарчаб кирди. Панжарага суянди. 

Қўнғироқ чалиниб мактаб ҳовлиси болага тўлди. Дарров атрофини ўраб олишди:

–  Бобожон, бирор жойингиз оғрияптими? 

–  Сув олиб келайми?

–  Ўқитувчимизни чақирайликми?

Бир пайт ёшгина ўқитувчи пайдо бўлди. Чол у билан саломлашиб деди:

–  Мен неварамга энг яхши мактабни шу ерда топдим.

–  Йўғ-е, хато қиляпсиз. Бизнинг мактаб кичкина, шароитлари ҳам энг зўр эмас.

Чол у билан баҳслашмади. Ўқитувчи билан неварасининг мактабга қабули ҳақида гаплашиб, уйига қайтди.

Ўғли мактабни кўриб, отасидан норози бўлди. 

–  Шуми, энг яхши ўқитувчиси бор мактаб? Қаердан билдингиз энг яхшилигини?

–  Ўқувчиларидан, – деди чол.

 

Ёқуб Умар таржимаси

Манба: www.azon.uz 

Izoh qoldiring

CAPTCHA
This question is for testing whether or not you are a human visitor and to prevent automated spam submissions.