Ўқитувчилар ростдан ҳам 6000000 сўм ойлик олишадими?

Главные вкладки

Оҳирги вақтларда кўпчилик одамларнинг оғзидан “ўқитувчиларнинг ойлиги ошиб кетди, ўқитувчилар зўр ойлик олишаяпти, ўқитувчилар бир ойга 6 000 000 сўм олишаяпти... ” каби гапларни кўп эшитиб қолаяпман. Таксига минсам ҳам шу гап, бозорга борсам ҳам шу гап. Шу масалага ойдинлик киритиш мақсадида ва ўқитувчи бўлмаган инсонларга тўғрироқ маълумот бериш мақсадида бир ишга қўл урдим.

Ўқитувчиларнинг ойлиги кўп бўлмаса-да ошгани рост, лекин шунга яраша бозордаги нархлар ҳам ошиб кетгани ҳеч кимга сир эмас.

Бугун, оила бошлиғи сифатида октябр ойидаги оилавий ҳаражатларни тахминий ҳисоб-китоб қилиб чиқдим. Аввалдан, шуни айтишим лозимки, бу ҳаражатлар 4 кишилик кичик оила учун ишлатилган ҳаражатларидир. Илтимос, агар қаердадир хатолик бўлса ва бошқа ўқитувчилар ўртасида норозилик фикрлари бўлса, узр сўрайман. Мен бу маълумотларни Жиззах вилоятида ишлаб, яшаб келаётган ўқитувчи сифатида таҳладим. Маълумотлар, вилоятлардаги нархларга қараб ўзгариши мумкин.

Қуйида, сизга октябр ойида озиқ – овқат, гигиеник воситалар, йўл ҳақи ва коммунал тўловларга сарфлаган  ҳаражатларни ҳисоблаб чиқдим ва жами ойлик чиқимлар 1615000 сўм бўлди. Айтайлик, мен 20 соат дарсим учун 2600000 лар атрофида ойлик оламан. Энди ўйлаб кўрайлик, асосий ҳаражатларим 1615000 сўм бўлса ва ортиқча пул 985000 қолса (2600000-1615000=985000) мен бу пулга нима қила олишим мумкин?

Қуйидаги ҳаражатлардан ташқари ёш оилам билан яшаётган уйимни қурилиш ва таъмирлаш ишларига, мактабдаги синфхонани жиҳозлаш учун ҳаражат, кичик ўғлимни боғчасига ойлик тўлов, уйимдаги жихозларни таъмирлашга устага ҳаражат, агар кредитга берилган янги коттедж ёки квартирада яшаётган бўлсам унинг ойлик тўлови, автокредитдан олган машинага ҳаражат каби қанча- қанча ҳаражатлар учун қаердан пул топаман?  Албатта, бу рўйхатни ҳали кўп давом эттиришим мумкин. Ва бу ҳаражатларни “ёпиш” учун ҳар бир мактабдаги мен каби ҳар бир эркак ўқитувчи қўшимча иш билан шуғулланишга мажбур. Қўшимча иш билан шуғулланган эркак ўқитувчи учун эса мактабда ўқувчиларга дарс беришда сифатга эътибор бериш жуда мушкул.

Айтмоқчи бўлган гапим шуки, ризқни берувчи Аллоҳ таоло. Мен мақолам орқали ношукрлик кайфиятидан йироқман. Мақсадим, билмаганларга билдириб қўйиш ҳолос. Биз ўқитувчиларга берилаётган ойлик ҳали бир рўзғорни тўлиқ таъминлаш учун етарли эмас. Яқин йилларда бу камчиликка барҳам берилиб, биз ўқитувчилар ёки мен каби оила бошлиғи ҳақиқатан ҳам, кўкрагимизни кериб ойлигимиздан ва қилаётган ишимиздан фахрланиб юришни бошлаймиз деб умид қилиб қоламан.

Ҳурмат билан

Насим Садиков

www.sadikov.uz

@sadikov_uz

 Picture source: weareteachers.com