O'zbekistonda umumiy o'rta ta'lim to'g'risidagi yangi nizom tasdiqlanadi

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

 -Ҳужжат билан Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.

 -Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомга кўра, умумтаълим муассасаси юридик шахс ҳисобланади ва ўз уставига, мустақил балансига, шахсий ғазна ҳисобварақларига (давлат таълим муассасалари учун), банк ҳисоб рақамларига, ўз номи кўрсатилган муҳрга (давлат умумтаълим муассасаларининг муҳрида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилади), штампга ва бланкаларга эга бўлади.

 Умумтаълим муассасасининг устави белгиланган тартибда тасдиқланади ва маҳаллий давлат ҳокимияти органида давлат рўйхатидан ўтказилади.

Умумтаълим муассасаларининг намунавий устави Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Давлат умумтаълим муассасаларида умумий ўрта таълим олиш бепул амалга оширилади.

Умумтаълим муассасасида таълим олиш тилини танлаш Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги Қонунига мувофиқ амалга оширилади.

Давлат таълим стандартларига мувофиқ ҳар бир шахснинг таълим ва тарбия олишдаги конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш ўрта таълимнинг мақсади ҳисобланади.

Ўрта таълим ўқувчиларга билимларнинг зарур ҳажмини беради, мустақил фикрлаш, ташкилотчилик қобилияти ва амалий тажриба кўникмаларини ривожлантиради.

Ўқувчиларига махсус ва чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган мутахассисликлар бўйича касбий таълим беради.

Умумий ўрта таълимнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

 -ўқувчилар томонидан мунтазам билимлар олинишини таъминлаш, уларда билим олиш эҳтиёжини ривожлантириш, базавий ўқув, илмий ва умуммаданий билимларни шакллантириш;

 -ўқувчиларда миллий ҳамда умумбашарий қадриятларни уйғунлаштириш асосида юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни тарбиялаш, ўз Ватанига ва халқига содиқ фуқарони шакллантириш;

 -таълим-тарбия жараёнига ўқитишнинг замонавий ва инновацион педагогик услубларини ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали таълим сифатини ошириш;

 -ўқувчиларнинг индивидуал ижобий хусусиятларини аниқлаш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, уларнинг юксак даражада таълим-тарбия олишлари, ижодий имкониятларини шакллантириш ва ривожлантириш учун шарт-шароит яратиб бериш;

 -меҳнат қилиш ва мустақил ижодий фикрлаш кўникмаларини шакллантириш, ўқувчиларни касбга йўналтириш, ўқувчилар учун махсус ва чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган мутахассисликлар бўйича касбий таълим бериш.

 -Умумий ўрта таълим бошланғич таълим (I - IV синфлар), таянч ўрта таълим (V-IX синфлар) ҳамда умумий ўрта  (X-XI синфлар) босқичларидан иборат бўлиб, кундузги таълим шаклида амалга оширилади.

Ўқув йили умумтаълим муассасаларида 2 сентябрдан келгуси йилнинг 25 майига қадар давом этади ва тўртта чоракка бўлинади.

Ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишда қуйидаги муддатларга амал қилинади:

 -ўқув йилининг давомийлиги - 34 ҳафта (I синфлар учун 33 ҳафта);

 -ўқув ҳафтасининг давомийлиги - 6 кун (педагогик кенгашнинг қарорига кўра I-IV синфлар учун 5 кун);

 -Намунавий лойиҳалар бўйича қурилмаган, мослаштирилган биноларда жойлашган, ўқувчилар сони етарли бўлмаган умумтаълим муассасаларида, олис (тоғли, чўлли) аҳоли пунктларида жойлашган умумтаълим муассасаларида, шунингдек ўзбек тилида ўқитилмайдиган умумтаълим муассасаларида ўқувчилар сони синфларни тўлдиришнинг ўзига хос шарт-шароитларидан келиб чиқиб, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ва туман (шаҳар) ҳокимликларининг молия бўлимлари билан келишилган ҳолда белгиланади.

Кам комплектли умумтаълим муассасаларида (филиалларда) бошланғич синф ўқувчилари қуйидаги ҳолларда битта синфга бирлаштирилиши мумкин:

 -ўқувчилар сони 8 нафаргача бўлган I - IV синфлар;

 -ўқувчилар сони 12 нафаргача бўлган учта бошланғич синф;

 -ўқувчилар сони 24 нафаргача бўлган иккита бошланғич синф (I ва III, II ва IV синфлар).

Малакали ўқитувчилар етарли бўлган қуйидаги ҳолларда синфдаги ўқувчиларни икки гуруҳга бўлиб ўқитишга рухсат этилади:

 -ўқувчилар сони 25 нафар ва ундан зиёд бўлган умумтаълим муассасаларининг I - XI синфларида "Чет тили" фани, айрим фанларга  ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларида ихтисослашган фанлар, V - XI синфларда "Информатика ва ахборот технологиялари", таълим тили ўзбек тили бўлмаган умумтаълим муассасаларининг II - XI синфларида "Ўзбек тили" фани ҳамда таълим тили рус тили бўлмаган умумтаълим муассасаларининг II - XI синфларида "Рус тили" фани;

 -ўқувчилардан қатъий назар VIII-XI синфларда “Жисмоний тарбия”, V-IX синфларда “Технология”, X-XI синфларда “Чақирувга қадар бошланғич  тайёргарлик” фанлари (ўғил ва қиз болалар).

 -дарс машғулотининг давомийлиги — 45 дақиқа;

 -дарс машғулотлари оралиғидаги танаффуснинг давомийлиги — 5 — 10 дақиқа (ўқув куни ўртасидаги танаффуснинг давомийлиги — 15 — 30 дақиқа).

 -Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида байрам (ишланмайдиган) куни деб белгиланган кунларда дарс машғулотлари ўтказилмайди.

 -Байрам (ишланмайдиган) кунларига тўғри келиб қолган дарс машғулотларининг мавзулари ўқув дастурларини ихчамлаштирган ҳолда кейинги дарс машғулотларида ўтказилади.

 -Белгиланган меъёрлар бўйича тегишли майдонга эга бўлган умумтаълим муассасасининг синфлари тўлиқлиги 35 нафардан ортиб кетишига йўл қўйилмайди.

 

Манба: kun.uz

Izoh qoldiring