O'quvchi sust o'zlashtirsa kim aybdor?

Ўқувчи суст ўзлаштирса, ким айбдор?

Баъзида мактаб ўқитувчилари билан ота-оналар ўртасида мунозара пайдо бўлиб қолади: «Боламнинг ўзлаштириши дуруст эмас, яхшироқ ўқитсаларинг бўлмайдими? Биз доимо банд бўлсак, мактаб ўзининг ишини қилсинда!». Қизиғи, худди шу саволни ота-она ўқитувчига берса, муаллим уларга худди шу мазмунда жавоб қайтаради. Ваҳоланки, таълим-тарбияда муаллимнинг ўрнини ота-она, ота-онанинг ўрнини эса ўқитувчи боса олмайди. 

Қарийб 30 йиллик педагогик тажрибам бор. Мен раҳбарлик қилаётган 2-синфда 19 нафар қиз ва 17 нафар ўғил бола ўқийди. Шундан 3 нафари суст ўз­лаштирадиган бола бўлиб, вақтимни кўп «ўғирлайди». Оддий диктантни  бошқа ўқувчилардан бир марта олсам, улардан  қайта олишим керак. Чунки диктант жараёнида улар «қолиб» кетади. Начора, ўзлаштиришга қийналсада, бундай болалар ҳам мажбурий таълим олиши керак. Баъзан ота-онасига қўнғироқ қилиб, бола билан шуғулланишга вақт ажратишини илтимос қиламан. Мактабдан безиб қолмаслиги учун енгилроқ топшириқ бериб, озгина ҳаракати учун керагидан зиёд рағбатлантираман. Лекин тепса-тебранмас болани яхши ўзлаштирадиган ҳолатга келтириш учун бу саъй-ҳаракатларим  камлик қилади. 

Ўқитувчи доимо банд. У ҳар бир ўқувчи тақдирига жавобгар. Янги мавзуни ўтиш, дафтар текшириш, уйга вазифа бериш, тарбиявий машғулот ўтказ­гунча у руҳан ва жисмонан толиқади. Ота-оналарнинг имко­ниятини ўқитувчиники билан солиштиринг. Уларда уч ёки тўрт  бола. Аммо  улар билан шуғул­ланишга ҳафсаласи йўқ ёки  вақти етмайди.  Бола таълим-тарбиясида аксарият ота-оналар жавобгарликни ҳис қилмайди. Интернет маълумот­ларига қараганда, 2018-йилнинг дастлабки тўрт ойи давомида Ўзбекистонда 158 нафар вояга етмаган бола ўз жонига қасд қилган. 1990-йилдан 2016-йилга қадар ўсмирлар орасидаги ўзини ўзи ўлдириш ҳолати икки баравар  кўпайган ва йилига 400 нафарни ташкил этмоқда. Бу нимадан далолат беради? Бола қалбига педагог йўл топа олмаяптими ёки унга нисбатан ота-она бефарқми? 

Болани гулга, ниҳолга қиёс­лаймиз. Агар оила аъзолари ўқув­чининг уйга вазифасини бажаришда кўмаклашмаса,  мактабда, ўртоқ­лари орасида унинг  иштироки ва рольи билан қизиқмаса, кимлар билан дўстлашаётгани, қандай муҳитда яшаб нафас олаёт­ганидан хабардор бўлиб турмаса, кўнглига йўл топмаса, бола ўзини  ёлғиз, чорасиз ҳис қила бошлайди. Шу тариқа суитсид ҳодисаси рўй беради. Агар фарзанд­ларимиз билан кўпроқ муло­қот қилсак, мактаб ҳаё­тидан бохабар бўлсак, ўсмир  таълим жараёнидан ўз ўрнини топиб олади, хулқ-атворида оғиш кузатилмайди, уни ёрқин келажак кутади.

 

Ёқутой НИЁЗМУҲАММEДОВА, Сергели туманидаги 268-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси

Marifat.uz

Comments

ыы

Izoh qoldiring