Карантин даврида масофадан ишлашга ўтган тизим ходимларининг фаолияти юзасидан тавсия

Primary tabs

ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ТИЗИМИДАГИ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА КАРАНТИН ДАВРИДА МАСОФАДАН ИШЛАШГА ЎТГАН ТИЗИМ ХОДИМЛАРИНИНГ ФАОЛИЯТИ ЮЗАСИДАН ТАВСИЯ

I. Таълим муассасаларининг фан ўқитувчилари карантин даврида ўқувчилар билан масофадан (онлайн тарзда) амалга оширадиган ишлар юзасидан тавсиялар.

1. Ўқитувчи дарс берадиган ҳар бир синфи бўйича телеграм мессенжерида синфи ва фанини кўрсатган ҳолда (масалан: 8-“А“ синф физика) гуруҳ ташкил қилади.

Ташкил этилган телеграм гуруҳига тегишли синф ўқувчилари (ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар)ни киритади.

2. Ўқитувчи телеграм гуруҳи орқали ўқувчиларга телевизион дарсда ўтилган мавзу юзасидан қўшимча тушунтириш, саволларга жавоб бериш ва телевизион дарсда берилган уй вазифаларни бажаришга кўмаклашиб боради.

3. Ўқитувчи телеграм мессенжери мавжуд бўлмаган ўқувчилар (ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар)га телефон орқали мавзу юзасидан қўшимча тушунтириш, саволларига жавоблар бериши ва телевизион дарсда берилган уй вазифаларни бажаришга йўналиш бериши ҳамда уларни баҳолашни йўлга қўйиши мумкин.

4. Таълим муассасаларида карантин даврида масофадан ишлашга ўтган ўқитувчилар тегишли телеканаллар ва Халқ таълими вазирлигининг расмий каналларини кузатиш орқали кунлик онлайн дарс жадвалини аниқлайди.

Бунда ўқитувчи кунлик онлайн дарс жадвали тўғрисидаги маълумотни бир кун олдин ўқувчиларга юборади ва уларга маълум қилади.

5. Ўқитувчилар ўз фани бўйича телевизион дарсларни мунтазам кузатиб боради. Шу кундаги телевизион дарслар тугагач, зарур ҳолда ўтилган мавзу юзасидан қўшимча маълумотларни ўқувчиларга юборади ва уларга бу тўғрисида маълум қилади.

Ўқитувчилар телеграм мессенжери орқали уй вазифаларини қабул қилади. Тошкент шаҳрида эса kundalik.cоm орқали қабул қилади.

ИЗОҲ:

Тошкент шаҳрида ўқувчилар томонидан уй вазифаларини kundalik.cоm тизими орқали юборилиши ва ўқитувчилар томонидан қабул қилинишида қуйидагиларга эътибор қаратилиши лозим:

Тошкент шаҳрида ўқитувчилар уй вазифалари жавобларини фақат kundalik.cоm тизими орқали қабул қилади.

Ўқитувчи ўзига бириктирилган логин ва паролдан фойдаланган ҳолда kundalik.cоm вебсайти ёки kundalik.cоm мобиль иловасига киради.

Ўқитувчи ўзига тегишли бўлган фан ва синфлари бўйича ўқувчилар томонидан юборилган ҳар кунлик уйга вазифаларни kundalik.cоm дан юклаб олади.

Ўқитувчи ўқувчилар томонидан тизимга юкланган уйга вазифаларни текширади, натижасини (баҳони) электрон журналга киритади. Шу тариқа ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари уй вазифаси учун қўйилган баҳоларни билиш имкониятига эга бўлади.

Ўқитувчилар томонидан ўқувчиларнинг уй вазифаларини топширилиши юзасидан кун доирасида қатъий вақт белгиланиши мақсадга мувофиқ эмас.

Ўқувчи ёки ота-она томонидан kundalik.cоm тизимига кириш учун логин ва парол эсдан чиқарилганда, ушбу тизимга киришни қайта тиклаш учун синф раҳбари ўз синфи доирасида ўқувчи ёки ота-онанинг логин ва паролини тиклаш имкониятига эга.

6. Ўқитувчилар томонидан ўқувчиларга телевизион дарсда берилган уй вазифасидан ташқари бошқа вазифалар берилиши тақиқланади.

Шу билан бирга, телевидение орқали намойиш этилмаётган фанлардан дарс берувчи ўқитувчилар Тошкент шаҳрида kundalik.cоm тизими ёрдамида бошқа ҳудудларда эса телеграм мессенжери орқали ўқувчиларга уй вазифалари беради, баҳолаб боради.

7. Ўқитувчи айрим фанлардан ўқувчидан уй вазифаларини бажарганлиги тўғрисидаги маълумотни кичик ҳажмдаги фотосурат (тасвирий санъат фани) ёки видеолавҳа (жисмоний тарбия, мусиқа маданияти, технология, рус ва чет тиллари, адабиёт фанлари) тарзида қабул қилиши мумкин.

8. Ўқитувчи ўқувчиларнинг уй вазифаларини бажариш жараёнида туғилган саволларига жавоб бериб боради.

9. Ўқитувчи тегишли синф ўқувчилари томонидан юборилган уй вазифаларини текширади ва уларни баҳолаб боради.

10. Ўқитувчи уй вазифаларни текширишни телевизион дарсларнинг эфирга узатиш вақтини инобатга олган ҳолда амалга оширади.

Бунда куннинг биринчи ярмида намойиш этилган телевизион дарсларда берилган уй вазифаларини куннинг иккинчи ярмида, куннинг иккинчи ярмида намойиш этилган телевизион дарслар уй вазифаларини эртасига куннинг биринчи ярмида текширади.

11. Ўқитувчи ўқувчиларнинг уй вазифаларини баҳолаб бориш мақсадида дарс берадиган синфлари учун вақтинчалик синф журналини (дафтарда) юритади.

Вақтинчалик синф журналига ҳар куни камида 5 (беш) нафар ўқувчилар баҳоси қўйилади. Ҳар бир ўқувчига чораклик баҳо чиқарилиши учун улар чорак давомида камида 3-5 тадан баҳоланган бўлиши шарт.

Карантин муддати тугагандан сўнг ушбу вақтинчалик синф журналидаги ўқувчиларнинг баҳолари асосий синф журналига кўчириб қўйилади.

Вақтинчалик журнал ўқитувчи томонидан асосий журнал шаклида ёки ўзига қулай шаклда юритилади.

12. Ўқитувчи томонидан вақтинчалик синф журналига ўтилган мавзулар, уй вазифалари ва ўқувчиларнинг жорий баҳолари киритиб борилади (оралиқ назорат баҳолари ва ўқувчилар давомати киритилмайди).

Тошкент шаҳрида ўқувчиларнинг олган баҳолари kundalik.cоm электрон тизимига киритиб борилади.

13. Бундан ташқари, ўқитувчи ўз фани бўйича ўтилган видеодарсларни мавзуси, унда берилган асосий билимларнинг тезиси ва уйга берилган вазифаларни қайд этиш дафтарини юритади.

Ўқитувчи телевизион онлайн дарслардан фойдаланиб, ўз малакасини ошириб боради ва келгусида дарс ишланмаларининг сифатини ошириш устида ишлайди.

14. Ўқитувчи ўз хоҳишлари ва имкониятларидан келиб чиқиб:

ўқувчиларда мустақил таълим олишини ривожлантириш мақсадида тегишли фанига доир қизиқарли адабиётларни тавсия қилади;

ўқувчиларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида уларга зарарли одатлар, уларнинг оқибатлари, жисмоний тарбия, соғлом турмуш тарзига оид видеомаҳсулотларни кўришни тавсия қилади.

15. Таълим қозоқ, тожик, қирғиз, туркман тилларида олиб бориладиган таълим муассасалари ўқитувчилари ўз ўқувчиларига телевизион дарсларни телеграм мессенжери орқали тушунтириб боради.

16. Ўқитувчиларга мазкур тавсияда белгиланган вазифалардан ташқари бошқа вазифалар юклатиш қатъиян тақиқланади.

Телевизион дарслар намойиш этилиш вақти ва жадвали вазирликнинг расмий веб сайти www.uzedu.uz, ижтимоий тармоқлари www.fb.com/uzedu, https://t.me/uzedu, Telegram тармоғидаги https://t.me/uzeduonlinemaktab, https://t.me/xtv_uz каналлари

орқали бериб борилади. 

Қуйидаги ресурслар:

 https://mover.uz/channel/uzeduuz/ 

 http://mediabay.uz/podcasts

 https://www.youtube.com/channel/UCl7z3EkGaM4NA0NcB_phIAg

орқали ҳам теледарсларни кўриш имкони яратилган.

Ушбу каналларга аъзо бўлиш ҳақида барча ўқитувчи, ўқувчилар ва улар орқали ота-оналарга етказиш тавсия этилади.

#UydaQoling #BarchagaYetkazing

Xalq ta'limi o'qituvchilari axborot xizmatining telegramm kanali

Comments

Jadvalni to'ldiring

Izoh qoldiring

CAPTCHA
This question is for testing whether or not you are a human visitor and to prevent automated spam submissions.