Финляндия таълими ҳақида

Primary tabs

yangilik o'qituvchi

Финляндияга келганимга икки йилдан ошди, ҳамон ўқув тизимини кўриб ажабланишдан тўхтамайман.

Кечаги куни қизимнинг фин мактабига борганига бир йил тўлиши муносабати билан тўлақонли синфга кўчиши сабаб ота-онасини, яъни, бизни мактабга таклиф қилишди. 

Олдиндан тайинланган вақтда мактабга бордик, бизни мактаб директори, синф раҳбари, янги синфдаги синф раҳбари, яна бир ўқитувчи кутиб олди. 

Финляндиядаги тартиб-қоидага кўра бу ерга хориждан кўчиб келган ўқувчилар бир йил давомида махсус синфда асосан фин тилидан таълим олади, баъзи дарсларни умумий синфда ўтади. Энди қизим ўша махсус синфдан умумий синфга кўчди. 

Шу бир йил давомида мактаб томонидан катта ёрдам берилди. Қийналган фанлардан қўшимча ўқитувчи (репититор)лар берилди. Ҳаттоки, мактабдан кейин Финляндия билан яқиндан танишиши учун ҳам алоҳида ўқитувчи бириктириб қўйилди. 

Энди умумий синфга ўтар экан, баъзи фанлар тўғрисида ота-оналар билан маслаҳатлашиб, бизнинг розилигимизни олиш учун чақиришди. Биринчи ўринда дин дарси муҳокама қилинди. Биз мусулмон бўлганимиз учун Ислом тарихи дарси ўтиларкан. Биз ўзаро келишиб бу дарсни рад этдик, динни қизим уйда мустақил ўрганадиган бўлди. Кейин фин мактабларида мажбурий бўлган швед тили дарсини муҳокама қилдик. Мактаб маъмурияти барча учун мажбурий бўлган бу дарсдан қизимни истеъсно тариқасида озод этди. Сабаби, қизим шундоқ ҳам иккита чет тили (фин, инглиз)ни ўрганаётгани учун учинчиси оғирлик қилади деб ҳисоблашди. 

Ўзи фин мактабларида фин тили билан швед тили мажбурий, бундан ташқари яна иккита чет тилини ўрганишлари шарт, инглиз тили ва яна битта чет тилини ўқувчи ўзи танлайди. Мактабни битиргунча ҳар бир ўқувчи тўртта тилда эркин гаплаша оладиган даражада бўлади. 

Биз учун яна бир янги фан- Ўқувчиларни ҳаётга тайёрлаш фани экан. Бу дегани, ҳар бир ўқувчига индивудиал тарзда ёндошиб қизиқишлари, кучли ва кучсиз томонларини ҳисобга олиб келажакда шу ўқувчига мос мутахасисликни танлашда ёрдам бериш. Ўша соҳа бўйича чуқурроқ ўқитиб олий ўқув юртларига йўлланма бераркан. Фин таълим тизимининг дунёда тан олинган кучли томонларидан бириям шу бўлса керак.

Дарслар борасида муҳокама тугагач синф раҳбари қизимнинг кучли ва кучсиз томонларини айтиб ўз маслаҳатини берди. Фин мактабларида ўн балли баҳолаш тизими йўлга қўйилган. Ўқитувчисининг айтишича қизим бирор саволнинг жавобини аниқ билмаса ёзмас экан. "Хато бўлсаям ўз фикрингни ёзавер, бунинг учун ҳеч ким сенга минус баҳо қўймайди, савол жавобсиз қолгандан кўра нотўғри бўлсаям жавоб бўлгани яхши. Тўғри жавоб баҳоланади, нотўғри жавоб учун жазо йўқ."- деди ўқитувчи. 

Бир ярим соат давом этган давра суҳбатини синф раҳбари олиб борган бўлса, ҳаттоки, мактаб директориям сўз берилмагунча индамай ўтирди. Ташқаридан қараган одамга синф раҳбари директорга ўхшаб кўринарди. Баъзи ўринларда синф раҳбари қизимни энг яхши билган ўқитувчи сифатида директоргаям топшириқ бериб юборди. Директор ҳам худди маориф вазиридан топшириқ олаётгандек блокнотига баъзи нарсаларни белгилаб ўтирди. 

Қизимга керакли фанлардан бемалол қўшимча репетитор олиши мумкинлиги эслатиш билан мажлис якунланди.

Акмал Андижоний (Facebook'дан олинди)

Izoh qoldiring

CAPTCHA
This question is for testing whether or not you are a human visitor and to prevent automated spam submissions.