"Ertug'rul" seriali haqida fikrlarim

Камина, “унча бунча” сериал шайдоси эмаслигимни фикрларимни баён қилишдан аввал айтиб қўйишни жоиз деб топдим. Лекин шу кунларда телевизорларимиз орқали намойиш қилинаётган Эртуғрул сериалини кўриб, унга “касал” бўлиб қолдим десам лоф бўлмайди. Ҳаттоки экран орқали берилаётганига ҳам қаноат қилмай сериални интернетдан рус тилидаги таржимаси билан юклаб олиб 5-фаслигача кўриб чиқдим (Ўзбекча таржимасида эндигина 2 – фасл тугаб бораяпти).

Мазкур сериал ҳақида маълумотга эга бўлмаганлар учун қисқагина қизиқарли фактларни келтириб ўтмоқчиман:

-Эртуғрул сериалини 3 миллиард киши томоша қилиб келмоқда

-Жаҳон бўйлаб мазкур сериални 85 дан ортиқ мамлакатда намойиш этишаяпти.

-Сериал дунёнинг 25 тилига таржима қилинган

-Сериал жами 5 фаслдан иборат бўлиб, унинг 5- фасли ҳозирги кунда Туркиянинг расмий ТРТ1 телеканали орқали намойиш қилинмоқда.

(Маълумотлар www.zamin.uz сайтидан олинди) 

Ана энди ўз фикрларимга ҳам ўтсам бўлади. Албатта, мазкур филмни тилга олиб, фикрларимни сизга ёзма ҳолда тақдим этишимнинг ўзига яраша сабаблари бор. Сериал бу дунёда биз учун зарур бўлган ва унутилиб борилаётган сифатлар - садоқат, мухаббат, ростгўйлик, мардликни тараннум этади. Филмдаги мени ўзига ром қилган ҳолатлар Эртуғрулнинг Аллохга бўлган мухаббати, Ватанига бўлган садоқати, мардлиги, дўстларига бўлган муносабатидир. Қуйида, мен филм саҳналарни кўриб бориш давомида унинг биз учун фойдали ва тарбиявий жихатлари ҳақида ўз фикрларимни айтиб ўтаман.

Муқаддас динимиз Ислом дини билан боғлиқ воқеалар. Эртуғрулнинг Аллох таолога бўлган ишончи буюкдир. Филм давомида, Эртуғрулнинг рахнамоси бўлган Ибн Арабий билан боғлиқ сахналар акс этади. Ҳар бир саҳнада ажойиб мутафаккир Эртуғрулга пайғамбаримиз Муҳаммад (Саллалоҳи Алайҳи Васаллам) нинг ҳадисларидан мисоллар келтириб ислом динининг рост ғояларини гўзал бир тарзда талқин қилади. Муаммолар гирдобидаги Эртуғрулга азиз пайғамбаримиз (Саллалоҳи Алайҳи Васаллам) нинг  ҳаётларидан мисоллар келтириб, унга куч ва ишонч бағишлайди. Албатта, филмни кўриб бораётган ўспирин ва ўсмир ёшларнинг ёд ғоялардан фориғ бўлган Ислом дини ҳақида тушунчалари янада ошади деб ўйлайман.

Ватан ва дўстларга бўлган садоқат. Эртуғрулнинг нутқларини ва қаҳрамонона ҳаракатларини томоша қилар эканман, ўз ўзимдан “Мана, тарихий шахсларни ҳам, қаҳрамон қилиб кўрсатса бўларканку. Спайдермэн, Чумоли одам, ёки Терминатор каби мавжуд бўлмаган фантастик қаҳрамонларни ўрнини шундай реал шахс бўлган қаҳрамонлар билан алмаштирсак бўлмасмикан? Ахир бунинг натижасида фарзандимизнинг ички дунёсида ижобий характерлар орқали Ватанга бўлган муҳаббати ортмасмикан” деган фикр миямни чулғаб олди. Сериал қаҳрамони ва унинг дўстлари Тургут, Бомса ва Дуганнинг ўртасидаги мардона ришталарни кўриб жуда таъсирланасан киши. Турли ҳил жангларда, мушкул вазифятларда беклари бўлмиш Эртуғрул учун жонларини беришга таййёр бу учовлон томошабин учун чин дўстлик ва содоқатни кўрсатиб бера олади.

Оиладаги тарбиявий муҳит.  Эртуғрул ва унинг оиласидаги ажойиб тарбиявий муҳит мени жуда таъсирлантирди. Шарқона одоб талқин қилинган сахналарни кўриб “наҳотки бизни боболар шундай одоб қоидаларига амал қилиб яшаган бўлса” деб ўйлаб қоласан киши. Тўғри, тарихий китобларни кўп ўқиганмиз. Лекин, сериал режиссёри туркман қабилаларидаги шарқона одобга хос бўлган анъаналарни гўзал бир тарзда кўрсатиб берганини кўриб, қойил қолмасдан иложим қолмади.  Айниқса, сериал қаҳрамони Эртуғлурнинг онаси Хайме она билан кўришганда унинг қўлларини ўпиб юзига суриши ёки отаси Сулаймон ота билан бўлган муносабатлари ҳар бир оила учун ўрнак бўлади десам адашмайман. Ҳуллас, фарзандларингизда китоб ўқишга мухаббатларини ошира олмадингизми, хеч бўлмаса шу сериални бирга томоша қилиб, шарқона одоб акс этган саҳналарга уларни эътиборини қаратиб, тушунмаган жойларини тушунтириб беришларингизни сўраб қолардим.

Фарзанд тарбияси. 4-фаслда Ҳалиме султон 3-фарзанди Усмонни дунёга келтиргандан сўнг вафот этади. Шунда, Эртуғрул 10 йил давомида 3 фарзандни тарбия қилади. Катта ўғлининг қилган айби туфайли Эртуғрул уни жазолайди. Шу ҳолатда унинг онасига айтган гаплари мени жудаям таъсирлантирди: “Шунча йиллар давомида қанчадан қанча душманлар билан олишдим, фитналарни бартараф этдим. Лекин 3 фарзандим билан қандай қилиб муносабат қура оламан?” қабилидаги сўзлари, фарзанд тарбияси нечоғлиқ оғир ва масъулиятли вазифа эканлигини бизга англатиб туради. 3 ўғил фарзандларнинг одоби ва ахлоқи ҳам ўз жойида кўрсатилиб берилган. Болаларнинг одоби тасвирланган саҳналардан бирини оладиган бўлсак, Эртуғрулнинг ўтовга келганидан сўнг унинг кичик фарзанди Усмоннинг обдаста орқали дадасининг қўл ювиши учун сув қўйиб тургани ундаги одобнинг яққол кўринишидир.

Гапнинг пўст калласини айтганда, бу сериални кўришни барчага тавсия қиламан ва ўзбек режиссёрларидан ўзимизнинг миллий қахрамонлариимизни яратишни илтимос қилиб қолар эдим. Бизга қора кўзойнак кийиб олиб, қовоғидан қор ёғиб, тутуруқсиз гапларни гапирадиган қаҳрамон керак эмас! Аҳир қаҳрамон яратиш учун уни ўйлаб топиш шарт эмаслигини барчамиз биламиз. Тарихимизга назар солсак Амир Темур, Бобур, Жалолиддин Мангуберди, Улуғбек каби тарихий шахсларимиз бор. Уларнинг хеч бўлмаса биттасини экранга олиб чиқиб, унга ёш томошабинларни қизиқтира олсак, ўсиб келаётган авлоднинг ички оламида катта ютуқга эришган бўлар эдик деб ўз мақоламга якун ясашга қарор қилдим.

 Муаллиф: sadikov.uz

Izoh qoldiring